Янгиликлар
Солиқчилар камерал солиқ текшируви баҳонасида тадбиркорни чув туширмоқчи бўлди
Ер қаъридан фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи Когон туманидаги “ZOLOTOY RODNIK PLYUS” масъулияти чекланган жамиятининг Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан вилоят адлия бошқармасига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, вилоят давлат солиқ бошқармасининг тегишли буйруғига асосан “ZOLOTOY RODNIK PLYUS” МЧЖнинг 2019 йил январь ойидан 2020 йил август ойига қадар бўлган фаолияти юзасидан қўшилган қиймат солиғи, ер қаъридаги қазилмалардан фойдаланганлиги учун солиқларнинг тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши бўйича 2020 йил 13 октябрдан 17 ноябргача камерал солиқ текшируви ўтказилиб, текшириш хулосасига кўра, МЧЖга 561 миллион 250 минг 351 сўм қўшимча қиймат солиғи ҳамда 407 миллион 589 минг 748 сўм молиявий жарима ғайриқонуний ҳисобланган.
Мурожаатни батафсил ўрганиш давомида вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан МЧЖда камерал солиқ текширувини расмийлаштириш бўйича Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 29 майда рўйхатдан ўтказилган “Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида”ги Низом, 2021 йилдан бошлаб эса Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига риоя қилинмасдан солиқ қарздорлиги ва молиявий жарима ҳисобланиб, қарор қабул қилинганлиги маълум бўлди.
Шунга кўра, вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркор манфаатида Бухоро туманлараро маъмурий судига мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан ариза киритилиб, суднинг тегишли қарорига кўра Бухоро вилоят ДСБ мансабдор шахсларининг “ZOLOTOY RODNIK PLYUS” МЧЖга 561 миллион сўмдан ортиқ солиқ ва 407 миллион сўмдан ортиқ молиявий жарима ҳисоблашдаги хатти-ҳаракати ғайриқонуний деб топилди ва вилоят ДСБнинг 2021 йил 8 апрелдаги камерал солиқ текширувида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.
Туйғун АЗИМОВ,
Бухоро вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи