Янгиликлар
Фазовий маълумотлар ва метамаълумотлар ҳақ эвазига тақдим этилади
Жорий йилнинг 27 июль куни “Фазовий маълумотлар тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. Ушбу Қонуннинг имзоланишидан кўзланган мақсад ушбу йўналишда давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб олиш, фазовий маълумотларга кириш (фойдаланиш) ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини яратади, фазовий маълумотларни яратиш ва улардан фойдаланишда идоралараро алоқаларни йўлга қўйишнинг ҳуқуқий асосларини таъминлашдан иборатдир.
Қонунга мувофиқ, фазовий маълумотлар фазовий объектлар тўғрисидаги, уларнинг жойлашуви, шакли, хоссалари хақидаги маълумотлардан иборат эканлиги белгилаб қўйилди.
Қонунга мувофиқ Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фазовий маълумотлар соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Шунингдек, Қонунга мувофиқ фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантиришга доир фаолиятнинг мувофиқлаштириш мақсадида Кадастр агентлиги ҳузурида Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади.
Фазовий маълумотлар базавий ва соҳага оид фазовий маълумотларга бўлинади.
Фазовий маълумотлар инфратузилмаси маълумотлар базаси қуйидаги объектлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади:
- барча турдаги космик суратлар ва хариталар;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси, маъмурий-ҳудудий ва ҳудудий бирликларнинг чегаралари;
- ер участкаларининг чегаралари, ўсимлик дунёси ва тупроқ турлари ҳақидаги маълумотлар;
- гидрография объектлари ва гидротехник иншоотлар;
- аҳоли пунктлари ва уларнинг кўча-йўл тармоқлари;
- бино ва иншоотлар, саноат ва ижтимоий-маданий объектлар;
- автомобиль ва темир йўллар, магистраль қувурлар ва муҳандислик коммуникациялари тизимлари;
- муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва маданий мерос объектлари ҳақида;
- аҳоли пунктлари ҳудудида ва уларда жойлашган объектларнинг манзиллари ва уларнинг номлари ҳақидаги ва бошқа маълумотларни ўз ичига олади.
Фазовий маълумотлар ва метамаълумотлар давлат органларига ўз ваколатларини амалга ошириши учун – беғараз асосда, бошқа фойдаланувчиларга эса – Кадастр агентлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган миқдорлардаги ҳақ эвазига тақдим этилади.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими