Янгиликлар
Округ сайлов комиссияси аъзоларига гувоҳномалар топширилди
Бугун, 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро сайлов округи томонидан жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни ташкиллаштириш ҳамда у билан боғлиқ масалаларга бағишланган навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда 3-Бухоро округ сайлов комиссияси раиси Тўлқин Очилов Президентлик сайловига тааллуқли норматив– ҳуқуқий ҳужжатларни сайловчиларга етказиш ҳамда сайлов ўтказиш тартиби ҳақида батафсил тўхталди.
Шундан сўнг, Бухоро округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Мирзоҳид Даминов сўзга чиқиб, юртимизда Президентлик сайловига тайёргарлик кўриш, сиёсий жараённи дунёнинг илғор мамлакатлари тажрибаси асосида ўтказиш, сайловчилар, хусусан, биринчи маротаба овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланадиган ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш борасидаги саъй-ҳаракат юқори босқичга кўтарилгани таъкидланди.
Ҳақиқатдан ҳам, бўлажак сайловлар халқимизнинг янгича тафаккури, дунёқараши, ўз тақдири ва келажагига бўлган муносабатини яққол намоён этувчи муҳим сиёсий жараёндир.
Маълумки, Сайлов кодексининг 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз — ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади. Жумладан, Бухоро вилоятидаги округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида муҳокама қилиниб, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилган.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига асосан жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан танланган 17 нафар округ сайлов комиссиясининг аъзоларига гувоҳномалар топширилди.
Шунингдек, сайлов жараёнини қонуний, адолатли, холис ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга эътибор қаратилди.