Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Расмий статистика соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади


 Расмий статистика соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Расмий статистика тўғрисида”ги ЎРҚ–707-сон Қонун қабул қилинди.

Мазкур Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

·     расмий статистика соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди;

·     расмий статистикани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Шунингдек, давлат статистика қўмитаси соҳада ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Жисмоний ва юридик шахслар (шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, филиаллари ва ваколатхоналари) расмий статистикадан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.

Қонунга кўра, кўп йиллик статистика дастури умуман миллий статистика тизими учун ишлаб чиқилади ва расмий статистиканинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилайди.

Бундан ташқари, бир йиллик статистика дастури кўп йиллик статистика дастурини бажариш мақсадида ишлаб чиқилади

Кўп йиллик статистика дастурлари Президент томонидан, бир йиллик статистика дастурлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Расмий статистикани тайёрлаш учун йиғиладиган, ишлов бериладиган ва сақланадиган статистика маълумотлари, агар улар жисмоний ёки юридик шахсларни бевосита ёки билвосита идентификациялаш имконини берса ҳамда уларга тааллуқли индивидуал маълумотларни ошкор қилса, махфий ҳисобланади.

Илмий-тадқиқот мақсадлари учун тақдим этиладиган махфий статистика маълумотлари таркибида идентификаторлар бўлиши мумкин эмас.

Расмий статистика мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш ва баҳолаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек жамоатчиликни хабардор қилиш, расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун эълон қилинади.

Расмий статистикани тайёрловчилар индивидуал маълумотларни, умумлаштирилган махфий кўрсаткичларни ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслик учун барча тартибга солувчи, маъмурий, техник ва ташкилий тусдаги чораларни таъминлайди.

Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистиканинг сифатини доимий асосда баҳолаб боради. Сифат кафолатини таъминлаш учун расмий статистика расмий статистиканинг қамрови, тушунчалари, статистик бирликлари ва таснифларига тааллуқли умумий принциплар ҳамда усуллар асосида тайёрланади ва тарқатилади.

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими