Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Сайловлар ҳақида биз нималарни билишимиз керак?


Бугун жамиятимизда ҳар бир фуқаро сайлов нима эканлигидан хабардор. Аммо унинг билими, сайловга оид саводхонлиги қай даражада? Сайлов жараёнларига ёндашуви қанчалик масъулиятли, сайловлар натижалари жамият ҳаёти ва унинг келажаги учун қанчалик муҳим эканлиги борасида ўйлаб кўрганми?

Сайловлар ҳақида биз нималарни билишимиз керак?

Сайловлар — сайлов кампаниясида иштирок этиш орқали сайлов ҳуқуқларини амалга оширишнинг бир шаклидир. У ҳар бир фуқаронинг ўз келажаги, ватан равнақи, ҳалқининг фаровонлигини таъминлаб бериш борасидаги сиёсий жараёндир.

Сайловлар ҳақида нима биламиз? Нима учун сайловларда фаол иштирок этишимиз керак? Бунинг биринчи ва асосий жавоби Конституциямизнинг 32-моддасида акс этган ҳуқуқларимиздан бири — “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади”.

Шунингдек, Конституциямизнинг 117-моддасига асосан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси комиссия аъзолари орасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдими бўйича комиссия мажлисида сайланади.

Сайлов ўтказиш тартиби қонун билан белгиланади.

  Фуқаролар сайловларга келиб, ўз танловини амалга ошириши керак. Танлашдан бош тортиш ҳам танловдир аслида. Лекин сиёсий танловни сиз учун бошқа сайловчилар амалга оширишини унутманг. Танлов мувозанатли бўлиши ва давлатнинг бутун аҳолиси манфаатларини акс эттириши лозим. Ҳукуматнинг барча даражадаги сайловларида сайловчилар иштирокининг аҳамияти беқиёсдир. Сайловларда иштирок этиш зарурати шундаки, оддий фуқаролар ҳаёти, уларнинг турмуш тарзи тўғридан-тўғри улар томонидан амалга оширилган танловга боғлиқдир. Афсуски, жамиятимизда ушбу фуқаролик бурчига масъулиятсиз қараган фуқаролар ҳам йўқ эмас.

Сайловда иштирок этиш, жамиятимиз келажаги учун қайғуриш демакдир. Юртимиз раҳбарлигига номзодлар билан танишар эканмиз, ҳар бирларининг сайлов компаниясини қунт билан ўрганиб, сайлаш масаласига масъулият билан ёндашишимиз керак.

Сайловлар давлат ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири: маълум бир номзодга овоз бериш орқали ҳар бир инсон ўз умидлари учун овоз беради. Ҳар бир инсон бу тадбирга масъулият ва онгли равишда ёндашиши керак, “Бизнинг овозларимиз ҳеч нарсани ҳал қилмайди” — деб ўйлаш ҳатодир, чунки давлат органларига танлаш ёки сайланиш ота-боболаримиз курашган асосий сиёсий ҳуқуқимиздир.

Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир фуқаро, сайловчи бўлиш каби шарафли ва мураккаб вазифани амалга ошириши керак.

Танловни ўзингиз амалга оширинг!

 

Бахтиёр Махкамов,
Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари
университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор