Янгиликлар
Бухорода "Меҳр улаш " қон топшириш хайрия акцияси бўлиб ўтди
Сир эмаски, Адлия вазирлиги ташаббуси билан республика миқёсида адлия органлари томонидан "Меҳр улаш" қон топшириш хайрия акцияси ўтказилмоқда.
Бинобарин, бугун 14 сентябрь куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан ҳам ушбу акция уюшқоқлик билан ташкил этилди. Унда бошқарма раҳбарияти ва бўлим бошлиқлари хайрия қон топшириш акциясини кўнгилли сифатида бошлаб бериб, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, вилоят юридик техникуми, РСЭМ вилоят бўлими, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар ходимлари ҳам ўз ихтиёрлари билан акцияга фаол иштирок этишди.
Донорликни ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган мазкур акция доирасида Бухоро вилоят Қон қуйиш марказининг сайёр гуруҳи вакиллари ходимлар билан суҳбатлашиб, ҳар бир кўнгилли донорни тиббий кўрикдан ўтказди. Қон топшириш қонун-қоидаларини тушунтирилди.
Инсон организми топширилган қон миқдорини 36 соат ичида тиклаб олади. Таъкидлаш керакки, қон топшириш инсон учун албатта хавфсиз. Мамлакатимизда 18 ёшга тўлган соғлом инсон бир йилда 2-4 мартагача қон топшириши мумкин. Бу турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган инсонларнинг яна ҳаётга қайтишларига ёрдам беради.
Меҳр-оқибат, эзгуликнинг ёрқин намунаси бўлган бу каби тадбирлар беморлар дардига шифо топиш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда жуда зарур.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими