Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

Иш ҳақи ўз вақтида берилиши шарт


Давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилаётган таҳлиллар ҳамда сайёр қабуллар жараёнида иш берувчилар томонидан ходимларнинг иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар ўз вақтида тўлаб бермаслик ҳолатлари аниқланмоқда.

Хусусан, адлия ходимлари томонидан Бухоро тумани қишлоқ хўжалиги бўлимида ўтказилган сайёр қабул жараёнида бўлимга жорий йил апрель-июнь ойлари мобайнида “Ҳудудий ер тузувчилар” бўйича етакчи мутахассис вазифасига ишга қабул қилинган 8 нафар етакчи мутахассисларнинг жами 24 миллион 877 минг сўм миқдоридаги ойлик иш ҳақлари 3 ой мобайнида тўлаб берилмасдан келинаётганлиги аниқланди.

 –Ўз навбатида адлия бўлими томонидан бу ҳолатга қонуний муносабат билдирилди, – дейди Бухоро тумани адлия бўлими бошлиғи У.Тўхтаев. – Иш берувчидан “Ҳудудий ер тузувчилар” бўйича 8 нафар етакчи мутахассисларга иш ҳақини ундириб бериш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига суд буйруғи тартибида ариза киритилди. Суд томонидан аризалар тўлиқ қаноатлантирилди.

 Шунингдек, адлия ходимлари томонидан Бухоро тумани Касб-ҳунар мактабида ўтказилган сайёр қабул жараёнида иш берувчи томонидан 16 нафар ўқитувчиларнинг жами 119 миллион 246 минг 900 сўм миқдоридаги иш ҳақлари жорий йил июнь ойидан буён тўлаб берилмасдан келинаётганлиги аниқланган. Иш берувчидан иш ҳақларини ундириб бериш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига суд буйруғи тартибида ариза киритилган.

 Суд томонидан Бухоро тумани адлия бўлимининг аризалари қаноатлантирилди. 16 нафар ўқитувчиларнинг иш ҳақларини ундириш ҳақида суд буйруқлари қабул қилинди.

 Бу каби мисолларни давом эттириш мумкин, бироқ ҳар бир иш берувчи Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасига асосан “Иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт”лигини унутмаслиги лозим.

Зариф Комилов, ЎзА