Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

28

Ҳуқуқий саводхонликни ошириш давр талаби!


Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси мажлислар залида вилоят адлия бошқармаси томонидан “Ҳуқуқий саводхонликни ошириш давр талаби!” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда вилоят адлия бошқармаси ва вилоят интеллектуал мулк ҳимояси маркази ходимлари ҳамда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари шунингдек, маҳаллий журналист ва мустақил блогерлар иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Жаҳонгир Ашуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда қабул қилинаётган сўнгги қонунчиликдаги янгиликлар юзасидан хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 августдаги “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–709-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–711-сон Қонунлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида маъруза қилди.

Таъкидланишича, интеллектуал мулк соҳасида айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, эндиликда муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг вафотидан кейин 70 йил давомида амал қилиши белгиланган.

Қолаверса, Қонунга кўра, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берилганидан сўнг Интеллектуал мулк агентлиги талабнома ҳақидаги маълумотларни веб-сайтига 1 иш кунида жойлаштиради, манфаатдор шахслар талабнома ноҳалол топширилган ариза ҳақида Агентликка эътироз билдириши мумкинлиги қайд этилган.

Шунингдек, маъруза давомида Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ 711-сонли қонунига биноан Жиноят кодексида бир нечта янги жиноий жавобгарлик турлари белгиланганлиги, жумладан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган қилмиш учун 6 ойгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо чоралари қўлланилиши мумкинлиги, бундан ташқари гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

Шундан сўнг, тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари ва блогерлар томонидан берилган савол ва таклифларга мутасаддилар томонидан жавоблар берилиб, Қонунни қўллаш амалиёти бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

Бекзод НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи