Янгиликлар
Ҳар бир давлат хизматчиси мутолаа қилиб бориши керак
Бугунги шиддатли замонамизда миллий қонунчилигимиздаги янгиликлар, ўзгаришлар жуда кўп ва уларни ўз вақтида ўзлаштириб бормаган давлат хизматчиси қаттиқ адашади. Тўғри, кейинги йилларда янгиликлар билан танишадиган ахборот манбалари кўплаб учрайди. Бироқ улар орасида босма нашрларнинг ўзига хос ўрни бор.
Мазкур нашрлар орасида эса қонунчиликдаги янгиликлар, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар, аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ишончли ва таҳлилий материаллар орқали ёритишда республикамиз босма нашрлари "Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами" ва "Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалар тўплами" расмий нашрлари, "Инсон ва қонун" газетаси ҳамда "Ҳуқуқ ва бурч" ижтимоий-ҳуқуқий журналининг шак-шубҳасиз ўз ўрни бўлиб, сўнгги йилларда жамиятда уларни мутолаа қилиб борадиган қатлам ҳам кенгайиб бормоқда.
Айни шу сабаб босма нашрлар билан вилоятда аҳоли ва ижрочилар учун 2022 йил учун обуна мавсумини ташкиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 30 сентябрь куни Бухоро вилоят адлия бошқармасида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими Қўчқор Норқобил раҳбарлигида адлия ходимлари билан онлайн режимда учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув "ЗООМ" платформаси орқали ташкиллаштирилиб, унда туман ва шаҳар адлия бўлимлари ходимлари иштирок этди.
Учрашув мобайнида масъул ходим Қўчқор Норқобил тегишли нашрлар учун обуна мавсуми бошланганлигини маълум қилиб, вилоятда нашрга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уларга шартномаларни етказилишида адлия органлари ёрдамига таянилишини, зеро жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.
Шу ўринда фуқароларимиз юқоридаги нашрларга даврий обуна бўлишларида қулайлик яратиш мақсадида ҳудудлардаги туман ва шаҳар адлия бўлимларига мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.