Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Масъул ташкилотлар сайлов жараёнига тайёргарликлари хусусида ахборот беришди


Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.

Округ сайлов комиссияси раиси Т.Очилов бошқарган йиғилишда Бухоро вилояти фавқулодда вазиятлар, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси масъулларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотлари эшитилди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 24 октябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун соҳавий хизматлар томонидан барча зарур куч ва воситалар сафарбар этилган.

Округ ҳудудидаги 610 та сайлов участкалари жойлашган биноларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши, санитария ҳолатлари ўрганилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этилди. Ҳар бир сайлов участкасига тегишли хизматлардан масъуллар бириктирилди. 

Сайлов комиссиялари жойлашган бинолар, жумладан, овоз бериш хоналарини дезинфекция қилиш учун санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, унинг туман (шаҳар) бўлимларида тегишли бригадалар ташкил этилди. Улар сайловдан бир кун олдин барча участкаларда дезинфекция ишларини амалга оширади. Участка сайлов комиссияларининг аъзоларининг 8712 нафари коронавирус инфекциясига карши вакцина билан эмланган.

Эпидемиологик вазият туфайли, сайлов комиссиялари аъзоларини коронавирус инфекциясига текшириш зарур бўлганда, тиббий текширувдан ўтказиш учун ПЗР лабораториялари шайлиги таъминланди.

Йиғилишда шунингдек, эртага бошланадиган муддатидан олдин овоз бериш жараёнини қонунчилик талаблари асосида ташкил этиш масалалари ҳам яна бир бор муҳокама қилинди.

Қонунчиликка кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

– Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва уч кун қолганида тугалланади, – дейди округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Мирзоҳид Даминов. – Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шахар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади. Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 5 октябрда қабул қилинган қарорига кўра, муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар деб белгиланди. Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларига, округ сайлов комиссиялари эса ўз навбатида участка сайлов комиссияларига сайловчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдорида сайлов бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмларини, шунингдек шахсий ҳимоя ва дезинфекция воситаларини етказиб берилишини таъминлади.
3-Бухоро сайлов округи ҳузуридаги матбуот маркази