Янгиликлар
Фаолият сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
Юртимизда демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёсдир. Шу маънода оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият ўртасида энг самарали демократик институт сифатида ўз ўрнини топаётганлигини эътироф этиш лозим.
Шунга кўра, Адлия органларида фаолият ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган “Очиқ адлия” ижтимоий дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда адлия органлари томонидан бажарилган ишлар юзасидан ОАВ вакилларига ва улар орқали кенг жамоатчиликка ҳисобот бериш амалиёти йўл қўйилган.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 13 октябрь куни Бухоро вилоят адлия бошқармаси томонидан Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси биносида ташкил этилди.
ОАВ ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этган мазкур анжуманда бошқарма раҳбарияти томонидан Бухоро вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизим ташкилотлари томонидан 2021 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва келгусида белгиланган устувор вазифалар юзасидан тўхталиб, қуйидагиларни маълум қилди.
Чунончи, мурожаатларни кўриб чиқиш соҳасида адлия органларига келиб тушган жами 3426 та мурожаатдан 2919 таси ҳал этилганлиги ва мазкур ҳал этилган мурожаатларнинг 2038 таси яъни 70 % қаноатлантирилганлигига урғу бериб ўтилди.
Шунингдек, адлия органлари томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар давомида жами 62351 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги ва уларни бартараф эттириш мақсадида тегишли ташкилотларга 963 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 228 та таклиф ва 2314 та огоҳнома киритилганлигига тўхталиб, таъсир чоралар натижасида ташкилотларнинг 336 нафар масъул ходими интизомий жавобгарликка, 208 нафар мансабдор шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилганлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, адлия органлари томонидан фуқароларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласида судларга жами 155 млрд. 608 млн. 267 минг 188 сўмлик 967 та даъво аризалари киритилиши натижасида 153 млрд. 69 млн. 225 минг 135 сўмлик 765 та даъво аризалар судларнинг тегишли қарорларига асосан қаноатлантирилиб, фуқаролар фойдасига ҳал этилган.
Шунингдек, маъруза давомида бошқарма раҳбарияти томонидан марказий аппарати таркибий бўлинмалари томонидан қилинган ишлар бўйича алоҳида-алоҳида тўхталиб, келгусида бу соҳаларда кутилаётган ўзгаришлар тўғрисида ахборот берилди.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5168-сон Қарорига биноан 2021 йил 1 октябрдан ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари фаолияти йўлга қўйилганлиги, ҳар бир туман ва шаҳарларда марказлар тегишли ҳудуддаги молия, халқ таълими, мактабгача таълим, маданият бўлимлари, тиббиёт бирлашмаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, Давлат ўрмон хўжалиги, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими, Ободонлаштириш бошқармаси, Ирригация бўлими, Қурилиш бўлими ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, уларга сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатиш, ташкилот ходимларининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, ташкилотнинг мулкий ҳамда бошқа ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ўз вақтида, ҳар томонлама ва самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, ташкилот томонидан қабул қилинаётган ҳужжатларнинг қонуний ҳамда ҳар томонлама пухта ва сифатли бўлишини таъминлаш вазифаси ҳисобланишини маълум қилиб, марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотларнинг Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилишига йўл қўйилмаслигини таъкидлаб ўтди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан адлия ходимлари томонидан тегишли жавоблар олишди.
Хулоса ўрнида, давлат органлари ва ташкилотларининг ўз фаолиятлари тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор этиб бориши янгиланаётган жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ўзининг ижобий натижасини бериб, фуқароларимизнинг хабардорлик даражаси ошиб, биринчи навбатда, уларнинг ижтимоий фаоллигига, ташаббускорлигига ва айниқса мамлакат олдида турган муҳим вазифаларни ҳал этишда янада фаол иштирок этишга таъминлайди.
Бекзод НИШОНОВ, Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи