Янгиликлар
"Мен жамиятнинг тўлақонли аъзосиман" мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди
Жамиятнинг барча жабҳалари каби сиёсий жараёнларда ҳам имконияти чекланган фуқароларнинг иштирок этиши ва уларнинг бу жараёнга иштирокини таъминлашга кўмаклашиш жуда муҳим саналади.
Шунга кўра, бу турдаги фуқароларимизнинг сайлов жараёнида фаоллигини янада ошириш мақсадида жорий йилнинг 19 октябрь куни 3-Бухоро сайлов округи, вилоят адлия бошқармаси, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят бўлими ҳамкорлигида “Мен жамиятнинг тўлақонли аъзосиман” мавзусида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда маърузачилар томонидан иштирокчиларга сайлов қоидалари, фуқаролик жамияти институтлари қонунчилигининг изчил ва тизимли демократлаштирилиши, эркинлаштирилиши натижасида юртимизда сайловларга очиқлик, ошкоралик сингари демократик стандартларга мос ҳолда тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, хусусан, имконияти чекланган шахсларнинг бўлиб ўтадиган сайловлардаги фаол иштироки, уларнинг сайлов ҳуқуқлари ва бошқа масалалар бўйича маълумотлар берилди.
Маъруза давомида округ комиссияси аъзоси Қахрамон Турсунов иштирокчиларга Президент сайловига доир сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафарет орқали овоз бериш тартиби бўйича батафсил тушунтириб, имконияти чекланган фуқаролар учун сайловолди ташвиқотга оид телекўрсатувлар имо-ишора тили ва субтитр ёзувида бериб борилаётганлигини, босма нашрлар Брайль алифбосида ҳам тайёрланаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Дарҳақиқат, сайлов мазкур шахсларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллашувини ва улар ҳақидаги оммавий тасаввурларнинг ўзгаришига олиб келувчи бир восита бўлиб, бундай фаоллашув натижасида имконияти чекланган фуқароларимизнинг янада кўпроқ сиёсий жараёнга таъсир ўтказиб, тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида эътироф этиладилар.
Бекзод НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат
бўлими бошлиғи