Янгиликлар
Шофиркон туманида "Keлажагинг учун овоз бер" шиори остида семинар ўтказилди
Бугун, 19 октябрь куни Шофиркон туманидаги кинотеатр биносида "Keлажагинг учун овоз бер" шиори остида семинар ташкил этилди.
Унда Шофиркон туман адлия бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ҳамда сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ёшлар иштирок этди.
Дастлаб тадбирда туман адлия бўлими бошлиғи Дилшод Нарзуллаев сўзга чиқиб, муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳар бир фуқаро Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши Ватанимиз келажаги учун алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб, ёш сайловчиларга сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов қонунчилигида белгиланган конституциявий ҳуқуқлари тўғрисида маъруза қилди.
Шундан сўнг ҳамкор ташкилот вакиллари томонидан сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда давлат органлари ва ташкилотларнинг ўрни, овоз беришда ҳар бир фуқаро, хусусан ёшларнинг роли хусусида маълумотлар бериб ўтишди.
– Мен сайлов куни 18 ёшга тўламан ва сайловда биринчи марта иштирок этаман, - дейди тадбир иштирокчиларидан бири Рахматилло Неъматов. – Конституциямизнинг 117-моддасида белгилаб қўйилган ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш мен учун улкан шараф. Бугунги тадбирда сайлов қонунчилиги тўғрисидаги билимларим янада бойиди. Президент сайловида энг муносиб номзодга овоз бераман.
Тадбир якунида ёшларни қизиқтирган барча саволларга адлия ходимлари томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Шохрух САИДОВ,
Шофиркон туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси