Янгиликлар
Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор!
2021 йил 24 октябрь куни Республикамизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилади. Аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, фуқаролик позицияси ушбу сайлов жараёнларида яна бир бор намоён бўлади.
3-Бухоро сайлов округи комиссия аьзолари ва вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари замирида ҳам аҳолининг ҳуқуқий-сиёсий саводхонлигини, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини ошириш, электорал маданиятини юксалтириш мақсад қилинган.
Шунга кўра, жорий йилнинг 19 октябрь куни Жондор туманидаги мусиқа ва санъат мактаби биносида "Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор!" шиори остида ёш сайловчилар учун тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда дастлаб туман адлия бўлими бошлиғи Умид Шеров сўзга чиқиб, иштирокчиларга сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига оид нормалар, овоз бериш тартиби хусусида маълумот бериб ўтди.
Шундан сўнг, округ сайлов комиссияси аьзоси Тўхтамишева Салтанат сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловнинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, бу жараёнда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, сайловда фаол иштирок этиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
- 2021 йилги президент сайлови илк бор Ўзбекистон Республикаси “Сайлов кодекси” асосида ўтади, - дейди округ сайлов комиссияси аьзоси Тўхтамишева Салтанат - Сайлов қонунчилиги борасида тарғибот тадбирлари доирасида ҳудуддаги ҳар бир ташкилотларда ва маҳаллабай учрашувлар ташкил этиш орқали аҳолининг сиёсий саводхонлигини ошириш, сайловда фаол иштирок этишга чорлаш асосий мақсадимиздир.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан тегишли жавоблар берилди.
Бекзод НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи