Янгиликлар
Сайлов–2021: Келажагинг учун овоз бер!
Барчамизга маълумки, саноқли кунлардан кейин катта сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ушбу муҳим сиёсий воқелик мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
Бинобарин, бу йилги сайловлар юртдошларимизнинг онгу тафаккури ўзгарган, ўзининг ва фарзандларининг келажагига юксак ишонч билан боқаётган бир шароитда ўтмоқда десак муболаға қилмаймиз. Фуқароларимизнинг сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқи эса конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини ва маданиятини юксалтириб бориш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаси ҳисобланади.
Шунга кўра, бу борада адлия органлари томонидан тизимли равишда манзилли тарғибот тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилган бўлиб, ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси, “Сайлов–2021: Келажагинг учун овоз бер!” шиори остида жорий йилнинг 18 октябрь куни вилоят Мудофаа ишлари бошқармасида ташкил этилиб, унда вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан ҳарбий хизматчиларнинг сайлов қонунчилиги борасида саводхонлигини ошириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинарда адлия ходимлари томонидан иштирокчиларга Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш масалалари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тартиблар ҳақида маълумотлар берилди.
Қизғин савол-жавобга бой ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича тегишли жавоблар олишди.
Дарҳақиқат, сайловларнинг қонун устуворлиги таъминланиши асосида ўтказилишидан манфаатдор бўлган асосий субъект – бу сайловчилардир. Шундай экан, фуқаролар, ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, сайлов жараёнларида фаол қатнашишлари келажак учун муҳим саналади.
Бекзод НИШОНОВ,
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи