Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди


Бугун, 18 январь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 48-сессияси бўлиб ўтди.

ZOOM платформаси орқали ташкил этилган сессия ишида вилоятдан сайланган Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари, шаҳар-туманлар ҳокимлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, бошқарма ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишди.

Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди.

Сессия ишида дастлаб “Вилоят суди раисининг тегишли судларнинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни амалга оширишга доир фаолияти тўғрисида”ги масала муҳокама қилинди.

Кун тартибидаги масала юзасидан вилоят суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Сухандиёр Рўзиевнинг ахбороти эшитилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича вилоятда муайян ишлар олиб борилган.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш баробарида суд ҳокимиятининг очиқлиги масаласида ҳам бир қатор ижобий натижаларга эришилган.

Суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Судлар томонидан 2021 йилда 11 нафар фуқарога нисбатан тергов органи томонидан қўйилган ноҳақ айбловлар бекор қилиниб, уларнинг барчасига биринчи инстанция судлари томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича туманлар ва шаҳарлар судлари томонидан 2021 йилда 3005 нафар шахсга нисбатан 2418 та жиноят ишлари кўриб тамомланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 671 тага ёки 38,4 фоизга ўсган. Шунингдек, 33 392 нафар шахсга нисбатан 26 120 та маъмурий ҳуқубузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланган бўлиб, кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 6711 тага ёки 34,6 фоизга ошган.

Вилоят фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2021 йилда 18 219 та ишлар кўрилиб, 15 442 та ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

2021 йил давомида иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанция судида жами 13183 та ишлар кўриб чиқилган.

Шундан, хусусий тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 1025 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 106,6 млрд.сўм ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.

Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги масалада вилоятда 2021 йилда қонунийлик ва жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланишича, вилоят прокуратураси органлари томонидан вилоятда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасида 2021 йилда муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, қонунларнинг ижро этилиши аҳволи юзасидан ўтказилган ўрганишларда тизимли камчиликларни олдини олиш ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида 7 800 дан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган.

Протест келтириш орқали мансабдор шахсларнинг 2 мингдан ортиқ ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатлари қонун талабига мувофиқлаштирилиб, киритилган 1108 та тақдимноманинг муҳокамасида қонунбузилишларни келтириб чиқарган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этилиши таъминланган. Назорат тадбирларида 15 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширувлари ва жиноят ишлари тергови давомида 35 млрд. 358 млн сўмлик зарар ундирилган, 1700 нафар мансабдор шахслар интизомий ва 857 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда 2 429 нафар шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилган. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунлар ижроси юзасидан 108 та ўрганишлар ўтказилиб, қўлланилган 856 та прокурор назорати ҳужжатлари шунингдек, ҳамкорликда ўтказилган 124 та меҳнат ярмаркалари натижасида 6 мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилган. Ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган 26 та ўрганишлар натижасида 14 нафар ёшларнинг ва 221 нафар аёлларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурорлар секторларида ҳалқ депутатлари тегишли Кенгашлар қарорлари билан тасдиқланган “Йўл харитаси” асосида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлар ва муҳтож оилаларга ижтимоий кўмак кўрсатиш ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларига киритилган шахслар билан манзилли ишлашга алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг 12854 та муаммоси ҳал этилган.

Шунингдек, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўналишида прокурорлар секторларидаги жами 11975 та оилага 755,4 млн. сўмлик озиқ-овқат, 198,1 млн. сўмлик дори-дармон, 551,2 млн. сўмлик чорва, 6 млрд. 904 млн. сўм пул маблағлари ва 5 млрд. 722 млн. сўмлик бошқа ёрдамлар кўрсатилган.

Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида прокурорлар секторидаги “Темир дафтар”да бўлган 11975 та эҳтиёжманд оиланинг 11642 таси ёки 97,2 фоизи рўйхатдан чиқарилган ҳамда 97 та эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари қайта реконструкция ва капитал таъмирланиб, 90 та муқум турар жойга эга бўлмаган оилалар уй-жой билан таъминланган. “Ёшлар дафтари”га киритилган жами 5920 нафар ёшларнинг 5722 таси ёки 96,7 фоизининг муаммолари бартараф қилинганлиги сабабли рўйхатдан чиқарилган.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 214 та ўрганишлар ўтказилиб, 1 071 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиши натижасида 4 691 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

“Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури бўйича ҳамкорликда кўрилган чоралар натижасида 586 нафар ёш тадбиркорларга 94,2 млрд. сўмлик лойиҳа ҳужжатлари молиялаштирилиб, жами 2580 та янги ишчи ўринлари яратилган ҳамда 64 та “Ёшлар меҳнат гузари” ва “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази фойдаланишга топширилган.

Прокуратура органларининг амалий ёрдамлари билан 2 мингдан ортиқ тадбиркорларга 77,9 млрд. сўмлик кредит маблағлари олиниши, 407 гектар ер майдони ажратилиши, 9 та бўш турган бинолар олиб берилиши, 206 нафар тадбиркорларга коммуникация тармоқларига уланиш ҳамда лиценция ва рухсатномалар расмийлаштирилишида кўмаклашилган.

Вилоятда мавжуд 4 618 та бўш турган биноларни тадбиркорликка жалб этиш борасида маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ўтказилган ўрганишлар натижасида 2355 таси ишга туширилиши таъминланиб, уларда 8 мингдан ортиқ ишчи ўрни яратилган ҳамда тадбиркорлик субъектларига 53.9 млрд. сўмлик қўлланилган таъсирчан солиқ қайтарилиши таъминланган.

2021 йилда аграр соҳада 231 та ўрганишлар ўтказилиб, натижада 229 та ҳуқуқий ҳужжатлар прокурор протестига асосан қонунга мувофиқлаштирилган, 238 нафар шахслар маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилган, фуқаролик судларига 17 та, иқтисодий судларга 58 та даъво аризалари киритилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 24 та жиноят ишлари қўзғатилган ҳамда 157 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳудудда криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида янгича тизим асосида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Вилоятда мавжуд 544 та маҳаллаларда содир этилган жиноятлар “Маҳаллабай” танқидий кўриб чиқилиб, “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилган. Шунингдек, вилоятдаги мактабларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда 28 та мактабларга ички ишлар органлари бошлиқлари ва прокурорлар бириктирилган.

Маҳаллаларда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий профилактика ишларини “хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширишни ташкил этиш бўйича 25 248 та хонадонлардаги муаммолар ўрганилган.

Ҳисобот даврида алимент ундирувларига алоҳида эътибор қаратилиб, вояга етмаганларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, вилоят бандлик бошқармаси ва бошқа тегишли мутасади ташкилотлар билан ҳамкорликда алимент тўловчиларни босқичма-босқич ишга жойлаштириш режа графиги тасдиқланган. Натижада 1677 нафар ишсиз алимент тўловчиларнинг ишга жойлаштирилиши таъминланиб, уларнинг бугунги кунда 1722 нафар вояга етмаган фарзандларига алимент пулларининг доимий тўлаб бориши таъминланмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2021 йил давомида вилоят прокуратураси органларига жами 23 757 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 12 665 таси ёки 68,3 фоизи бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилган.

Сессия кун тартибидан ўрин олган навбатдаги–вилоятда норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати вилоят Адлият бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев, вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги тўғрисида вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жаҳонгир Козимов ахборот берди.

Ҳамда сессия ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг ҳам фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.