Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Қонунчиликни демократлаштиришнинг самарали механизми


Самарқанд шаҳрида “Фуқаролик институтлари ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизаси: қонунчиликни демократлаштириш масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Германиянинг Ф.Эберт номидаги жамғармаси ва Миллий демократия институти (АҚШ) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг ваколатхоналари кўмагида ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат тузилмалари, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, Ф.Эберт ва К.Аденауэр номидаги жамғармалар, Миллий демократия институти (АҚШ) вакиллари, Бельгия, Болгария, Германия, Жанубий Корея, Россиядан халқаро экспертлар иштирок этди.

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йилларидан инсон, унинг ҳуқуқлари ва эркинлиги олий қадрият ҳисобланган демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Белгиланган мақсадларга эришиш учун Конституциямизга асосланган демократик ислоҳотларнинг қонунчилик базаси яратилиб, тобора такомиллаштирилмоқда.

Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунлар сифати ва самарадорлигини янада ошириш, қонун ижодкорлиги жараёнини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилишнинг очиқ-ошкоралик принципларига мувофиқ такомиллаштириш, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқлари, эркинлик ва манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтларини ушбу жараёнга фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Буларнинг барчаси аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, фуқароларда мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик туб ўзгаришларга дахлдорлик туйғусини ва уларни ҳаётга татбиқ этишга оид масъулиятни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Қонунчиликни такомиллаштириш, уни демократлаштириш жараёнида мамлакатимизда икки палатали парламент – кўппартияли асосда шакллантириладиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ташкил қилинди, унинг палаталари, сиёсий партияларнинг парламент қуйи патлатасидаги фракциялари, жойлардаги депутатлар гуруҳларининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, қонун ҳужжатларининг ижро ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши устидан парламент ҳамда депутатлар назоратини амалга оширишга доир чора-тадбирлар кўрилди.

Давлат ишларини бошқариш, демократик ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролар иштирокини кенгайтириш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат тузилмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ҳамда ваколатларини янада мустаҳкамлашга доир улкан ишлар бажарилди. Улар бугунги кунда демократик қадриятлар ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий-сиёсий фаоллиги изчил ошмоқда, ҳуқуқий таълим ва билим даражаси тубдан яхшиланмоқда, аҳолининг онгида инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат туйғуси шакллантирилмоқда, қонун устуворлиги, Конституцияда белгилаб қўйилган меъёрларга сўзсиз риоя этиш таъминланмоқда.

2000 йил 14 декабрда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда фуқаролик жамияти институтларини меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, уларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш жараёнига кенг жалб этишга оид ҳуқуқий механизм ўз ифодасини топган. Бу қонун ижодкорлиги жараёни, қабул қилинаётган қонунлар сифати ҳамда самарадорлигини оширишда фуқаролар, жамоат тузилмаларининг иштирокида муҳим омил бўлди. Бу борада “Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ҳаётга татбиқ этилиши қонун ижодкорлигини эркинлаштиришнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларига тааллуқли қонун лойиҳалари умумхалқ муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Қонунчиликни демократлаштиришда қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сифати ҳамда самарадорлигини кузатиб бораётган мустақил таҳлил қилувчи тадқиқот институтлари ва марказларининг роли ҳам тобора ортиб бораётир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти шулар жумласидандир.

Семинарда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти директори Э.Солиҳов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У.Муҳаммадиев ва бошқалар шу ҳақида гапирди. Улар Ўзбекистонда қонун лойиҳаларини кенг муҳокама этиш, қонун ижодкорлигининг барча босқичларида жамоатчилик фикрини ўрганиш борасида етарлича тажриба тўпланганини қайд этди. Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида” ва “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонунлар, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунлар, Ер кодекси ва бошқа кўплаб ҳужжатлар умумхалқ муҳокамасига тақдим этилди.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролик институтларининг ўрни ҳамда аҳамиятини оширишда янги босқични бошлаб берди. Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқаролик жамияти институтларини қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, қонун ҳужжатларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишга кенг жалб қилиш учун асос бўлиб хизмат қилаётир. Шу мақсадда қирқдан ортиқ қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссиялар тузилди. Ушбу комиссиялар зиммасига жамоатчилик фикрини ўрганиш вазифаси юкланди.

Бельгия Сенати аъзоси Доминик Тилманснинг сўзларига кўра, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишга фуқаролик институтларини кенг жалб қилиш жараёни давлат ҳамда жамият ўртасида бирлаштирувчи бўғин, концепцияни ҳаётга самарали татбиқ этишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилаётир. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Бельгиянинг қонун ижодкорлиги жараёнида жамоатчилик фикрини ўрганиш амалиёти кўплаб умумий жиҳатларга эга. Яъни, Бельгияда қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси қонун ижодкорлигининг мажбурий босқичи ҳисобланади. Қонун устида ишлаш кўп вақт олсада, улар юқори сифати ва самарадорлиги, амалиётга муваффақиятли жорий этилиши билан ўзини оқлайди.

Айни пайтда мамлакатимизда яна бир ҳужжат – “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилаётир. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 20 март куни қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ҳуқуқий тажрибадан ўтказишга оид фармойишига мувофиқ, ҳуқуқни қўллаш амалиётига янги услуб – ҳуқуқий тажрибани амалга ошириш жорий этилди. Бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг юридик ҳамда жисмоний шахслари қонун лойҳаси нормаларини амалда муваффақиятли синовдан ўтказмоқда.

К.Аденауэр номидаги жамғарма бошқаруви аъзоси, Тюрингия федерал ерининг собиқ бош вазири Дитер Альтхауснинг (ГФР) таъкидлашича, германиялик аксарият экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган концепцияни ўрганиб, ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани ва бугун очиқ фуқаролик жамиятини барқарор ҳамда изчил шакллантиришни таъминлашга хизмат қилаётгани борасида якдил хулосага келган. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштиришга доир тажрибанинг ўтказилаётгани Ўзбекистонда қонунчиликни янада демократлаштириш ва бу жараёнга фуқароларни жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир. Икки вилоятда бу борада тўпланган тажриба, шубҳасиз, мамлакат учун ғоят фойдали бўлади.

Яна шуни таъкидлаш керакки, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари мамлакатимизни модернизация қилишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида” ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари устида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Мазкур қонунлар лойиҳаларининг кенг муҳокама этилаётгани жамоатчиликнинг ижтимоий аҳамиятга эга қўшма лойиҳа ва дастурларни ҳаётга татбиқ этишда ижтимоий шериклик масалаларида, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишдан юксак даражада манфаатдорлигидан далолат беради.

– Ўзбекистондаги қонун ижодкорлиги амалиёти билан танишиб, мамлакатингизнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнида жамоатчилик фикрини ўрганиш соҳасида илғор тажрибага эга эканига ишонч ҳосил қилдим, – деди Корея Республикаси Қонунчилик вазирлигининг қонунчилик ва маъмурий масалалар бюроси бошлиғи Жунг Се Хи. – Буни “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтаётгани ва “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини синовдан ўтказиш бўйича ҳуқуқий тажриба амалга оширилаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Таъкидламоқ лозимки, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик муҳокамаси ва жамоатчилик экспертизаси каби бутун дунёда умумэътироф этилган деярли барча механизмлардан фойдаланилган ҳолда такомиллаштирилмоқда.

Яна шуни қайд этиш жоизки, ҳуқуқий тажрибани ўтказиш давомида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтларини жисмоний ва юридик шахслар учун ахборот олишнинг янги имкониятлари ҳақида кенг хабардор қилишга доир чоралар кўрилмоқда. Ҳуқуқий тажрибага мувофиқ амалга оширилаётган синов самарадорлиги ва унинг субъектлари ахборот ошкоралигини таъминлашга доир фаолияти аҳоли томонидан қандай баҳоланаётганини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқотлар ҳам ўтказилмоқда. Фуқаролар мазкур синовда иштирок этиш жараёнида қонун лойиҳаси амалда қандай қўлланилаётгани, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятига қизиқиши ортиб бораётгани, ҳуқуқий маданияти мустаҳкамланиб, жамоатчилик ҳаётида иштироки фаоллашаётганининг гувоҳи бўлмоқда. Фуқаролик институтлари ва чет эллик экспертлар иштирокидаги семинарлар, конференцияларда қонун лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилаётгани ҳам жуда муҳимдир.

– Бундай муҳим мавзудаги халқаро семинарнинг ўтказилиши Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида сиёсий маданият, сиёсий тизимнинг ўзига хос жиҳатлари инобатга олиниши билан бирга, умуминсоний қадриятлар ҳамда халқаро тажрибага, айниқса, ҳуқуқ ва қонун устуворлиги ғоясига таяниб иш кўрилаётганидан яққол далолатдир, – деди Нотижорат ҳуқуқ маркази директори Любен Панов (Болгария). – Бу Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар юксак самаралар беришида муҳим омил бўлаётир.

Халқаро семинар қатнашчилари Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиётни ҳар томонлама муҳокама этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, уларни амалга оширишга фуқаролик институтларининг кенг жалб қилинаётгани мазкур туб ўзгаришларни чуқурлаштириш, уларнинг самарадорлигини янада ошириш, авваламбор, фуқароларнинг давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришда иштирок этиши бўйича конституциявий ҳуқуқларини ҳаётга тўла татбиқ этишга хизмат қиладиган янги босқич экани борасида якдил хулосага келди.