Янгиликлар
Адлия: фуқаролар ҳуқуқи қонун ҳимоясида
Бухоро вилояти Адлия бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан жами 1 минг 358 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 319 та таклиф ва 2 минг 780 та огоҳнома киритилган.
Киритилган тақдимномаларга асосан 666 нафар шахс интизомий ва
337 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда қолдиқдаги 5 та тақдимнома тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда.
–Фуқаролар манфаатини кўзлаб уларнинг бузилган қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга жами 17 миллиард сўмга яқин 2 минг 39 та даъво аризалари киритилган, – дейди Бухоро вилояти Адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Рўзиев. – Ҳисобот даврида 1 миллиард 54 миллион 830 минг сўмдан зиёд 23 та даъво аризалари қолдиқ бўлиб ўтган. Киритилган даъво аризаларнинг 14 миллиард 495 миллион 599 минг сўмдан зиёди яъни 1 минг 807 таси судлар томонидан қаноатлантирилган.
Жумладан, вилоят адлия бошқармаси томонидан Бухоро шаҳар Ширбудин кўчасида яшовчи фуқаро М.Иноятованинг мурожаати ўрганилганда фуқаронинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган бино-иншооти учун компенсация тўловлари тўлаб берилмаганлиги аниқланди. Вилоят адлия бошқармаси томонидан ушбу қарздорликни ундириб бериш мақсадида 2021 йилнинг 27 июль санасида ФИБ Бухоро туманлараро судига даъво ариза киритилди. Суднинг 2021 йил 1 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво қаноатлантирилиб, 137 миллион 320 минг 961 сўм компенсация тўловлари ундирилиши белгиланди.
2021 йилнинг якунлари бўйича жами 5 минг 699 та ариза ва шикоятлар келиб тушган. Уларнинг 5 минг 279 таси ҳал этилган. Шундан 4 минг 129 та мурожаат ёки 78.2 фоизи қаноатлантирилган. Бундан ташқари, 3 минг 261 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. 295 та мурожаат тегишлигига кўра бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.
Жумладан, Бухоро вилоят адлия бошқрмаси томонидан Муҳаррам Раззоқованинг ёшга доир пенсия тайинлашда амалий ёрдам сўраб қилган оғзаки мурожаати ўрганиб чиқилган. Натижада бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Бухоро тумани бўлимига тақдимнома киритилди. Фуқарога 2021 йил 16 декабрдан бошлаб ёшга доир пенсия тайинланган. Бухоро шаҳар санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари М.Ҳожиев ва бошқаларнинг мурожаати ўрганиб чиқилган. Уларга устамалар тўланмаётганлиги аниқланган. Натижада фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг 2021 йил 24 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан фуқароларга йигирма миллиондан ортиқ устама пуллари тўлаб берилиши таъминланган.
2021 йилда адлия органларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жами 114 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун топширилган. 100 та қарор лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида” ги қонунда белгилаб қўйилган норма талаблари асосида ишлаб чиқилганлиги сабабли розилик берилган. Бошқарма томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 38 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисобига олинган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА