Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

ННТларнинг грант лойиҳаларида самарали иштирокини таъминлаш зарур


Мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналишида ўз аксини топган. 

Хусусан, кейинги беш йилликда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш, улар эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишлардаги хорижий тажрибани ўрганиб, Ўзбекистон шароитига мослаштириш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.

31 март куни Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан, Ассоциация Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоларининг грант лойиҳаларида самарали иштирокини таъминлашга қаратилган амалий семинар тренинг бўлиб ўтди.

Тренингда Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий лойиҳалар ва давлат буюртмаларини бажаришда янада фаолликка чорлаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг соҳага оид билим ва кўникмаларни янада бойитишга эътибор қаратилди.

Ўтган йили нодавлат нотижорат ташкилотларнинг лойиҳаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциация қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан умумий қиймати 8,5 миллиард сўмлик биринчи грант танлови эълон қилинди.

Унда Республика бўйича 375 та нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирок этиб, якунда 120 таси ғолиб бўлиб, ҳар бирига 70 миллион сўмдан грант маблағлари ажратиб берилди. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, мазкур грант танловида бошқа вилоятларга қараганда Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Андижон вилоятларида фаолият юритаётган ННТларнинг иштироки нисбатан кам эканлиги кўзга ташланди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, жорий йилда ЎзННТМА томонидан ННТларни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳага оид билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган махсус чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2022 йил учун эълон қилинадиган грант танловларини республика бўйлаб кенг тарзда тарғибот қилиш режалаштирилган.

Малакали мутахассислар томонидан ўтказилган тренингларда иштирокчилар ННТлар фаолиятига оид қонунчилик ва маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорлик йўналишлари, грант ва ижтимоий буюртма олиш, лойиҳаларни амалга ошириш орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этиш, лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш, ҳисоботларни юритиш, ички назорат қилиш тартиблари, ННТлар раҳбарлари ва ходимларининг иш фаолиятини самарали бошқариш, инсон ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби мавзуларда маърузалар тинглаб, гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотларни бажаришди.

Семинар тренингда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Машарипов, Ассоциацаия бўлим бошлиғи А.Ҳамдамов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори С.Ҳалилов, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э.Мажидов, вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи М.Музаффаровлар иштирок этишди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан уларни қизиқтирган масалалар юзасидан қизғин муҳокама ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.

ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси