Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

08

Архив – ахборот манбаи


Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 20 мартда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақида”ги фармойиши асосида Бухоро вилоятида 80 дан зиёд субъектларнинг аксарияти эксперимент шартларига кўра вилоят давлат архиви билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Қонун лойиҳасининг 13-моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этишлари белгиланган.

– Мазкур тартибга кўра, вилоят давлат архивига эксперимент субъектларининг ўзларига тааллуқли давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ижросига доир маълумотлари, раҳбарларнинг чиқишлари, ўтказилган йиғилишлар, субъект фаолиятининг чораклик таҳлилий материаллари, қилинган сўровлар ва мурожаатларнинг кўриб чиқилишига оид ҳужжатлар электрон шаклда тақдим этилмоқда, – дейди вилоят архив иши бошқармаси бошлиғи Асрор Турсунов. – Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан саралаб тақдим қилинган материалларнинг рақамлаштирилган нусхалари жамланган. Уларнинг тезкор қидирувини амалга ошириш учун маълумотлар базаси тизимлаштирилмоқда. Бу эса мазкур юридик ва жисмоний шахсларга эксперимент субъектлари фаолиятига доир ахборотни белгиланган тартиб ва муддатда тақдим этишни осонлаштиради.

Вилоят архивида нафақат эксперимент субъектлари фаолиятига оид маълумотлар юзасидан, балки бошқа масалалар бўйича мурожаат қилувчи фуқароларга ҳам кенг қулайликлар яратилган. Ахборот залидаги стендларда идоранинг иш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби, фуқароларни қабул қилиш кунлари ҳақидаги маълумотлар, пуллик ва бепул хизматлар рўйхати, соҳага оид қонун ва қонуности ҳужжатлари жойлаштирилган. Фуқаролар ўзларини қизиқтирган маълумотларнинг электрон шаклидан бемалол фойдаланишлари мумкин.

– Фуқароларнинг барча ёзма ва оғзаки мурожаатлари, жумладан, веб-сайтлар орқали сўровларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят давлат архив фонди бошлиғи Саодат Аббосова. – Ҳар бир мурожаат ва унинг натижаси қайд этиб борилади. Фуқаролар ва юридик шахслар сўровига асосан тегишли ҳужжатлар тақдим қилинмоқда.

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бераётир. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида аниқ, ишончли маълумот олиш фуқароларга амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Бунда ахборот манбаи – давлат архиви идораларининг ўрни беқиёс. Бухоро вилоятида қонун лойиҳаси синови бўйича ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент жараёнида бу ўз ифодасини топмоқда.