Янгиликлар
Фаолиятни такомиллаштириш масалалари
Бухорода Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни ижросини Бухоро вилоятида ўрганиш якуни ҳақида»ги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда нотариат фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик ва Оила кодекслари, «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ташкил қилинган бўлиб, бу фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш давлат нотариал идораларининг нотариусларига юклатилганлиги ҳамда нотариусларга қўйиладиган малака талаблари кучайтирилиб, уларнинг ёш цензи белгиланганлиги шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларга малакали ҳуқуқий ёрдам бериш учун зарур бўлган барча қулайликлар яратилганлиги қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, тадбирда таъкидланганидек, Бухоро вилоятида адлия органлари томонидан «Нотариат тўғрисида»ги қонунни ҳаётга тадбиқ этиш ва самарали ижросини таъминлаш борасида, нотариал идораларининг моддий-техник базасини кучайтириш (уларни алоҳида бино, компьютер, факс алоқаси ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш) борасида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, давлат нотариал идораларида нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг сифатли сақланишини таъминлаш мақсадида ҳар бир нотариал идорада архивлар ташкил этилган, фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида давлат нотариал идоралари биносида ДТ «Халқ банки»нинг кассалари очилиб, улар назорат-касса машиналари ҳамда пластик карточкалар билан ишлайдиган терминаллар билан таъминланган. Шу билан билан бир қаторда, вилоятдаги давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан қонунларни қўллаш амалиётида ўзларига берилган ҳуқуқларидан етарли даражада фойдаланмай келаётганликлари, ишни ташкил қилишда, қонунларни тарғиб қилишда айрим хато ва камчиликлар мавжудлиги аниқланган.
Тадбир якунида соҳадаги айрим хато ва камчиликларни бартараф этиш, Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунларнинг айрим моддаларини амалда қўлланилиши ҳамда унинг самарадорлигини ошириш шунингдек, фуқаролар ва юридик шахсларга малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатишнинг янада қулай шарт-шароитларини яратиш бўйича халқаро тажрибадан фойдаланиб, нотариат соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.