Янгиликлар
Касалликнинг олдини олиш
Бухоро вилоят адлия бошқармасида бошқарма ходимлари ҳамда барча ФҲДЁ бўлимлари мудир ва мудиралари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва унинг мазмун моҳияти юзасидан ўқув семинар ташкил этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, ушбу Қонун 5 боб ва 28 та моддадан иборат бўлиб, унинг асосий мақсади одамнинг имунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солишдан иборат.
Жумладан, мазкур Қонун нормаларида ОИВни юқтириб олганларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ҳақидаги қоидалар, ОИВ инфекциясининг олдини олиш профилактикаси, шунингдек инфекциясининг диагностикаси ва уни даволаш инфекция тарқалишига қарши курашиш бўйича фаолиятини молиялаштириш, касаллик юққан шахснинг соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ва низоларни ҳал этиш, шунингдек ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги қонуний хужжатларни бузганлик учун жавобгарлик масалалари белгилаб қўйилган.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар томонидан қайд этилганидек, “ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасининг давлат томонидан тартибга солиниши” деб номланган 2 – бобида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати ҳамда унинг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар вазирликларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш соҳасидаги ваколатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва нодавлат – нотижорат ташкилотларининг иштироки, ҳамда ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашишга доир тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси, Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти аниқ белгилаб қўйилган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олдилар.