Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Ҳуқуқий ахборот тизими такомиллаштирилмоқда


Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартда қабул қилинган “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада оширишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтиришга оид вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига “Адлия-1” ва “Адлия-2” ахборот тизими мажмуаларини яратиш ва уни Миллий ахборот тизимига интеграциялаш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида соҳада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Адлия-1” ахборот тизими – миллий қонунчилик базаси яратилиб, ишга туширилди. Энг муҳими, барча ундан бепул фойдаланмоқда.

“Lex.uz” деб номланган ушбу базадан мустақиллик йилларида мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномалар ҳамда Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди қарорлари жой олган.

“Lex.uz” дастури орқали миллий қонунчилигимиз тарихи билан танишиш, мустақиллик даврида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг ҳуқуқий асосларига оид кўплаб адабиётларни ҳам топиш мумкин. Ахборот дастурида 25 мингга яқин қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ўзбек ва рус тилларида жамланган. Ҳозир тизимга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий қарорларини ҳам киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий электрон базасини техник жиҳатдан такомиллаштиришга оид ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Lex.uzнинг янги версияси ишга туширилди. Янги версия замонавий интернет тармоғининг барча талабларига тўла жавоб беради. Хусусан, унда Mozilla Firefox, Opera, Safari, Google каби интернет браузерлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Айни пайтда Lex.uzнинг мобиль версияси ҳам ишга туширилди.

“Адлия-2” “Суд департаментининг ягона ахборот-компьютер тармоғи”, “Нотариат” ахборот тизимлари мажмуидан иборат. Айни пайтда ушбу нотариуслар маълумотларининг автоматлашган тизимини яратиш ва ишга тушириш устида иш олиб борилмоқда. “Нотариат” ахборот тизими нотариусларнинг умумий ахборот тизими маълумотларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Бу эса, ўз навбатида, нотариуслар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларга кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини янада оширишга кўмаклашади.

“Суд департаментининг ягона ахборот-компьютер тармоғи” лойиҳасининг мақсади суд департаменти органлари ишида тезкорлик ва сифатни таъминлашдан иборатдир. Бу жараёнда давлат органлари ва ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, ахборот алмашуви йўлга қўйилиши ижро ҳужжатларининг ўз вақтида, сифатли бажарилишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётганлиги аҳолини ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш самарадорлигини яхшилаш билан бирга кўрсатилаётган юридик хизматлар сифатини янада ошириш имконини бермоқда.