Янгиликлар
Фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик назорати
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Бухоро вилоят минтақавий бўлинмасида “Жамоатчилик назоратини амалга оширишда фуқаролик жамиятлари институтлари ва фуқаролар иштироки механизмларини такомиллаштириш масалалари” мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур институт билан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ўртасида тузилган меморандум доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоят адлия бошқармаси ҳамда турли давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.
2012 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамалакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўплаб қонунчилик ташаббуслари қаторида нодавлат, нотижорат ташкилотларининг жамиятдаги ролини оширишга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифлари ҳам ўртага ташланган эди.
Давра суҳбатида сўз олганлар мазкур таклифлар юзасидан парламент Қонунчилик палатасида тайёрланган “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаров органларининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, ҳамда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳалари хусусида фикр юритдилар.
Шунингдек тадбирда фуқаролик жамияти томонидан амалга ошириладиган жамоатчилик назорати, авваламбор жамоат ташкилотлари – сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, касаба уюшмалари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланиши алоҳида таъкидланди. Зеро давлат ҳокимияти органларининг жамоат ташкилотлари орқали халқ билан мулоқоти демократияни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда давлат ҳокимияти идоралари ўз фаолияти юзасидан халққа ҳисоб бериши лозимлигини қайд этиш керак. Жамоат ташкилотлари сиёсий-ижтимоий жараёнларга, давлат ва жамият қурилиши масалаларига ҳамда қабул қилиниши назарда тутилаётган қонунлар лойиҳалари ва ҳукумат қарорларига ўз муносабатларини билдиришлари орқали жамоатчилик назоратини амалга оширадилар. Бу биз барпо этаётган фуқарлик жамиятининг асосий хусусиятларидан ҳисобланади.
Давра суҳбатида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар ҳам олдилар.