Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Фуқаролик жамиятининг кўзгуси


Бухорода Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда жамоат ташкилотлари ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.

Аҳолининг турли қатламлари манфаатларини акс эттираётган, демократик янгиланиш жараёнларида фаол иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бухоро вилоятида ёшлар, хотин-қизлар, экология, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий-иқтисодий йўналишларда 437 нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият кўрсатмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги 16 ташкилот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 221 миллион сўмлик грантига сазовор бўлди.

– “Аёллар учун бизнес-инкубатор” номли лойиҳа учун 14 миллион сўмлик грант маблағини қўлга киритдик, – дейди “Тадбиркор аёл” ушюмаси вилоят бўлими раиси Дилбар Аҳмедова. – Лойиҳа асосида хотин-қизларни турли касбларга ўргатиш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган семинарлар ташкил этилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, халқ таълими бошқармалари ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Форумда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан ижтимоий шериклигини ривожлантириш, ННТлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришнинг шакл ва механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.