Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди


Бугун, 10 февраль куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг 74-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли бошқармалар, ташкилотлар ҳамда муассасалар раҳбарлари, сиёсий партиялар етакчилари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Сессияни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошқариб борди. 

Сессияда йиғилганлар дастлаб Бухоро вилоятини 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда 2023 йилда амалга ошириладиган муҳим ва долзарб масалалар юзасидан вилоят ҳокимининг ҳисоботини тингладилар. 

Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда вилоятда ижтимоий-иқтисодий жабҳаларни эркинлаштириш, инсон қадрини улуғлаш ҳамда одамларнинг фаровон яшаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга қаратилган қатор туб ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Жумладан, аҳоли даромадларини ошириш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган солиқ ислоҳоти, очиқ ва жамоатчилик таклифларини инобатга олган ҳолда, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, давлат корхоналарини босқичма-босқич хусусийлаштириш ва ресурсларни тақсимлаш тизимида бозор механизмларини жорий этиш каби қатор ислоҳотлар амалга оширилган.

Шунингдек, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари, ҳукумат топшириқларида 2022 йилда бажарилиши лозим бўлган назорат бандларининг тўлиқ ижросини таъминлаш борасида барча чоралар кўрилганлигини қайд этиш мумкин.

Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 45,8 триллион сўмни (ўтган йилда 38,7 триллион сўм) ўсиш суръати эса 104,4 фоизни, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 27,2 триллион сўмга етиб, ўсиш суръати 106,2 фоизни ташкил этган. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 34,1 триллион сўмлик етиштирилиб, ўсиш суръати 103,6 фоизга ва хизматлар ҳажми 15,8 триллион сўмга ва ўсиш суръати 115,8 фоизга етказилган.  

2022 йилда бюджет даромадларида белгиланган 2 триллион 827 миллиард сўмлик прогноз 3 триллион 232 миллиард сўм ёки 114 фоизга ёхуд 360 миллиард сўм ортиғи билан бажарилиши таъминланган. 

Вилоят маҳаллий бюджетига якунланган йилда 3 триллион 110 миллиард сўм маблағ туширилиб, прогноз режаси 120 фоизга етказилган ёки 521 миллиард сўмга ортиғи билан бажарилган. 

Ниҳоясига етган йилда “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 469 мингдан ортиқ таклиф киритилган бўлиб, умумий қиймати 144 миллиард сўм бўлган 280 та таклиф ғолиб деб топилган. 

Бундан ташқари, 2022 йилда вилоятда барча соҳа ва йўналишларда аҳолининг 405 минг 500 нафарининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлиб, амалда 464,7 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган ҳолда, йиллик прогноз режасининг ижроси 114,6 фоизга бажарилган. 

Маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари томонидан 2022 йил давомида 39 минг 345 та жисмоний ва юридик шахсга умумий қиймати 912 миллиард 300 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилган.

Бухоро вилоятининг ҳудудий дастурига мувофиқ, 2022 йилда умумий қиймати 754 миллион доллар бўлган 562 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши ва бунинг натижасида 12 минг 815 нафар иш ўринлари яратилиши белгиланган бўлиб, дастур доирасида 2022 йилда қиймати 853 миллион долларига тенг маблағ ўзлаштирилиб, жами 732 та лойиҳа ишга туширилди ва бунинг натижасида 14 минг 787 нафар янги иш ўрни яратилишига эришилган.

Шу билан бирга, 2022 йил якуни билан 304,9 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиши режаси 317,1 миллион долларга ёки ўтган йилга нисбатан 117 фоизга бажарилган.

Маҳаллийлаштириш дастурига асосан, вилоятда 2022 йилда 130 та лойиҳа доирасида 434,2 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган бўлиб, ўтган йилнинг январ-декабрь ойларида 130 та лойиҳа доирасида 1,3 триллион сўмлик 250 турдан ортиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бу миқдор режага нисбатан 870 миллиард сўмга ёки 3 баробар ортиқ бажарилиб, импорт самарадорлиги кўрсаткичи 115 миллион долларни ташкил этган.  

2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури бўйича Бухоро вилоятидаги 138 та объектда янгидан қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларига жами 1 триллион 25 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Мазкур объектларнинг 33 таси кейинги йилга ўтувчи бўлиб, 94 таси фойдаланишга топширилди ҳамда 11 таси бўйича қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмоқда.

Вилоят тижорат банклари томонидан 630 нафар фуқарога уй-жой сотиб олишлари учун 23,9 миллиард сўм субсидия маблағи тўлаб берилган. Мазкур массивларга 5 километр табиий газ, 7,9 километр электр, 17 километр ичимлик суви ва 20 километр оқова сув тармоғи ҳамда 1,1 километрга алоқа тармоқлари тортилган.

Яна бир муҳим инфратузилма––шаҳарлар ва туманлардаги автомобиль йўллари ҳолатини яхшилаш мақсадида тасдиқланган дастурлар доирасида республика бюджетидан ажратилган жами 425 милиард сўм маблағ ҳисобидан 800 километр ички йўллар таъмирланган. Хусусан, 120 километр йўлга бетон қоплама қурилган, 180 километр йўл асфальтлаштирилиб, 500 километр тупроқ йўлга шағал ётқизилган ва 9 та кўприк таъмирланган. Шу билан бирга, туманлардаги 800 километрга яқин тупроқ йўли шағаллаштирилган. 

Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан вилоятдаги электр таъминоти оғир бўлган маҳаллаларда электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 100 дона янгидан трансформатор пунктларини олиш учун 6,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, бугунга келиб 74 та трансформатор пункти ўрнатилиб, ишга туширилган. 

Худди шундай, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”га киритилган 10,5 минг нафардан ортиқ кам таъминланган аҳоли хонадонларга 4,1 минг тонна кўмир маҳсулоти бепул етказиб берилди. Бу борада ишлар давом эттирилмоқда. 

Халқ таълими соҳасини олсак, айни кунда вилоятдаги 562 та мактабда 350 мингдан ортиқ ўқувчилар таҳсил олаётган бўлиб, уларга 28 минг нафардан ортиқ педагог таҳсил бериб келмоқда. Ўтган ўқув йилида малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар сони 62,2 фоиздан 73,4 фоизга оширилган, Миллий рейтингда республика бўйича Бухоро вилояти 1-ўринда қайд этилди.

Мактабгача таълим ташкилотларида тарбиялаётган болаларимиз ҳамда умумтаълим мактабларимиз ўқувчиларига сифатли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитни яратиб бериш мақсадида жорий йилда 68 та муассасада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бу ишларга 254 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.

Тегишли дастурлар асосида 27 та тиббиёт муассасасида 81,3 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб, 38 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил қилинган ва улардан 5 тасининг фаолияти кенгайтирилган.

Шунингдек, вилоятда олис ва чекка ҳудудлар аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 124 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиб, бунинг натижасида амбулатор поликлиника муассасаларида 1 минг 22 та кундузги шифохона ўрни яратилган.

Вилоят иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга қишлоқ хўжалиги тармоғини олсак, 2022 йилда вилоят бўйича 359,8 минг тоннадан ортиқ саноат учун қимматбаҳо пахта хом ашёси тайёрланиб, ўтган йилга нисбатан 17,2 минг тонна кўп ҳосил яратилди. Бунда ўртача ҳосилдорлик 36,3 центнерни ташкил этди. Пахтадан 3,6 триллион сўм даромад олиниб, бир гектар майдондан 36,2 миллион сўм даромад қилишга эришилди. 

Пахта хомашёсини қайта ишлашдан олинган даромад эса 4,8 триллион сўмни, соф фойда 487 миллиард сўмни, рентабеллик даражаси 16,2 фоизни ташкил қилиб, 2022 йилда қишлоқ хўжалиги экинларидан аҳоли даромадлари қиймати 972 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. 

Ўтган йилда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” ва “Мозийга саёҳат” дастурлари доирасида Бухоро бўйлаб 2 961 минг нафар аҳолининг ички туризм саёҳати ташкил қилинди. Қадим ва навқирон кентимизга 552,6 минг нафар хорижий сайёҳнинг ташрифи кузатилди ва бунда хизматлар экспорти ҳажми 138,2 миллион долларга етди. Бу тармоқда хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022 йилнинг июнь ойида илк бора “Turkish Airlines” компанияси томонидан Истанбул-Бухоро-Истанбул йўналишида тўғридан-тўғри мунтазам авиақатнови йўлга қўйилгани юртдошларимизга яна бир қулайлик бўлди. 

Албатта, юртимизда барча соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар самарадорлиги ва эришилаётган муваффақиятлар замирида мамлакатимиз Президентининг бевосита ташаббуси, эътибори ва рағбати ётибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга қилган Мурожаатномасида 2023 йил учун ривожланишнинг асосий 6 та йўналиши бўйича қайд этилган  устувор вазифалар вилоятнинг бош мезони сифатида белгилаб олинган.

 Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 74–сессиясида шунингдек, кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан вилоят суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодир Файзиевнинг вилоят суди раисининг тегишли судлар томонидан 2022 йилда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини суд йўли билан ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган фаолияти тўғрисидаги, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Анвар Раҳматовнинг вилоятда норма ижодкорлиги фаолияти, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати юзасидан, шунингдек, вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Адиловнинг вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағларини йўналтириш тўғрисидаги ахборотлари эшитилди. Шу билан бирга, сессия иштирокчилари билан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясини тайёрлаш ва ўтказиш чора-тадбирлари ҳақида келишиб олинди. 

Сессия кун тартибида эшитилган ва муҳокама қилинган ҳар бир масала юзасидан депутатлар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари Самойдин Ҳусенов, Саидқули Оқиев, Зулфия Тўева, Марҳабо Пардаева, шунингдек, сенатор Абира Ҳусейновалар ўз фикр–мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар. 

Сессия якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.