Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Cуд ишини кўриб чиқишда тортишувни таъминлаш


Тошкентда “Одил судлов тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат: прокурор ва адвокатнинг роли” мавзусида ташкил этилган мулоқотда судловни амалга оширишда тортишувни таъминлаш масаласи муҳокама этилди.

“Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатаси, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар вакиллари, адвокатлар, ҳуқуқшунос олимлар, АҚШ судьялар корпуси ва адвокатураси, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Америка экспертлари икки мамлакат суд тизимларида тортишувни таъминлашга оид тажрибани муҳокама қилди.

Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини изчил демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, адвокатура мақомини ошириш, айбловчи ва ҳимоячи тенглигини таъминлашга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари О.Муродов, Адвокатлар палатаси раиси Р.Аҳмедов ва бошқалар ушбу соҳада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган кунлардан 2000 йилга қадар судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва адвокатура фаолиятининг меъёрий-ҳуқуқий базаси шакллантирилди. Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мулоқот қатнашчилари мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига юксак баҳо берди. Хусусан, суд ҳокимияти ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди, инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоя қилиш тизимининг бевосита иштирокчисига айлантирилди, судлар жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослаштирилди, суд ишларини қайта кўришнинг апелляция ва кассация институти, ярашув институти жорий этилди. Мамлакатимизда ўлим жазосининг бекор қилиниши ва қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши миллий суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Ҳимоячининг жиноят иши процессининг барча босқичида малакали юридик ёрдам кўрсатиш, адвокатлик текширувини ўтказиш, тергов изоляторида сақланаётган ҳимояга олинган шахс олдига монесиз кириш ва суҳбатлашиш ҳуқуқи ҳамда бошқа жиҳатларни тартибга соладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мамлакатимизда адвокатларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун зарур барча имкониятлар яратилгани алоҳида қайд этилди.

Америкалик экспертлар мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон ва АҚШда суд ишини кўриб чиқиш тизимини қиёсий таҳлил қилди.

Миннесота штатининг федерал округи судьяси Жон Р.Танхайм (АҚШ) Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими билан яхши танишгани ва бу борада амалга оширилаётган ишлар сифати таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидлади. У Тошкент вилоятида ўтказилган амалий семинарда юқори малакали ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда саҳналаштирилган суд жараёнларида иштирок этганини айтиб ўтди. Америкалик экспертнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда суд ишини кўриб чиқишда қўлланилаётган ярашув институти алоҳида эътирофга сазовор.

Узоқ йиллар мобайнида прокурор бўлиб ишлаган ва айни пайтда адвокатлик билан шуғулланаётган бостонлик Даниель Смолл (Массачусетс штати, АҚШ) судья, прокурор, адвокат ҳамда терговчи ишининг самарадорлиги мамлакат суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини қайд қилди. “Бу борада ўзбекистонлик ҳамкасбларимнинг билими, қобилияти ва интилишлари менда катта таассурот қолдирди”, – деди Д.Смолл.

Ижтимоий мулоқот чоғида суд ишларини кўриб чиқишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Америкалик экспертларнинг фикрича, Ўзбекистонда суд фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг босқичма-босқич жорий этилаётгани эътиборга лойиқдир.

Интерфаол шаклда ўтган тадбирда судлов ишларини кўриб чиқишда ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.