Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

20

Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш йўлида


Президентимизнинг 2013 йил 20 мартдаги фармойишига мувофиқ “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси синови бўйича ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментда Бухоро вилоятидаги 89 субъект фаол иштирок этмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қабул қилинаётган қарорлари сифати учун масъулиятини ошириш, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқларини кенгайтириш, субъектлар фаолиятидаги очиқлик ва ошкораликни таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси доирасида вилоят адлия бошқармасида ҳам синов талабларидан келиб чиққан ҳолда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Фуқаролар ва юридик шахсларнинг фаолиятимизга доир маълумотларни олиши учун барча имкониятлар яратилган, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Акром Халилов. – Бинодаги ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган залда махсус стендлар жойлаштирилган. Бундан ташқари, фуқаролар бошқарма веб-сайтидаги батафсил ахборот ва маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Унда интерактив хизматлар – юридик шахслар, нотариал ва ФҲДЁ идоралари, адвокатура реестрлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатига олиш реестри, шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришлар, янгиликлар, қилинган мурожаатлар натижалари, тизимда ташкил этилган турли тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ўз ифодасини топган.

Бошқарма бошлиғининг сўзларидан кейин сайтнинг “Мурожаатлар натижалари” бўлими билан танишдик. Унда бошқарманинг фуқаролар, жумладан, тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширган ишлари эътиборимизни тортди.

“Бекажон Маржона” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Бешимов “Когон коммунал – хўжалик ва техник хизмат кўрсатиш” давлат корхонасидан кўрсатилган хизмат учун 24 миллион сўм миқдоридаги қарзни ундириб беришни сўраган. Бошқарма мутасаддилари ҳолат билан танишгач, вилоят хўжалик судига даъво аризаси киритган. Натижада шартномага амал қилишни пайсалга солиб келган корхонадан суднинг ҳал қилув қарори асосида қарз тўла ундирилган.

Бошқарма адлия органлари ва муассасалари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан ҳам кенг фойдаланмоқда. Журналистлар иштирокида турли мавзуларга бағишланган матбуот анжуманлари, брифинглар ўтказилаётир.

Яна бир муҳим жиҳат – адлия бошқармаси вилоятдаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ҳуқуқий эксперимент доирасида яқин ҳамкорлик қилмоқда. Уларга иш юритишни апробация жараёни талабларига мослаштириш мақсадида веб-сайтларга ахборотларни жойлаштириш, фойдаланувчиларга оғзаки ва ёзма шаклдаги ахборотларни тақдим этишга оид намунавий ҳужжатлар тайёрлаб берилмоқда. Бу эксперимент субъектларининг ишини самарали ташкил этишда муҳим омил бўлаётир.