Янгиликлар
Маданият ходимларининг ҳуқуқи тикланди
Бухоро вилояти адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан Бухоро вилояти маданият бошқармаси ходимларининг устама тўловлари тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Натижада ходимларга 96 миллион 80 минг 254 сўм миқдорида устама тўловлари тўланмаганлиги аниқланди.
Президентимизнинг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг 11-бандига асосан, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилгунига қадар Маданият вазирлиги, ҳудудий маданият бошқармалари, туман ва шаҳар маданият бўлимлари ходимлари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ушбу харажатлар учун Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш турлари жорий этилган.
Маданият бошқармаси ходимларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан ходимларга тўланмай қолинган 96 миллион 80 минг 254 сўм миқдорида устама тўловлари ундирилиши белгиланди.
Зариф Комилов, ЎзА