Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

07

Ҳуқуқий маданият – ҳуқуқий давлат ва жамият асоси


Жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ. Бинобарин, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

– Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, манфаатлари муҳофазасини таъминлашнинг самарали механизми шакллантирилган, – дейди Адлия вазирлиги ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармаси бошлиғи Алижон Очилов. – Айни пайтда фуқароларнинг бу имкониятлардан самарали фойдаланишини йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган изчил ишлар амалга оширилаётгани натижасида юртдошларимизнинг нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий маданияти ҳам тобора юксалиб бормоқда. Фуқароларимизнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётгани, ҳар бир шахсда фаол фуқаролик позицияси ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётгани бунинг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Бунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган миллий қонунчилик асослари яратилгани, унинг мазмун-моҳиятини аҳолининг барча қатламларига етказишда давлат ва жамоат ташкилотларининг узвий фаолияти йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этаётир.

2013 йилда мазкур йўналишда 385 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ишларини марказлашган ҳолда режалаштириш, ягона тизимга солиш, ҳисоботларини эшитиш ва тегишли тавсиялар бериш юзасидан Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тузилгани самарадорликни янада оширишга хизмат қилмоқда.

Ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини ошириш мақсадида кенгаш томонидан турли конференция, семинар, давра суҳбатлари ташкил этиш ҳамда бу жараёнда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар қамраб олинган алоҳида қўлланма тайёрланди.

Ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини юксалтиришда ҳуқуқий адабиётлар муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йиллар давомида бу йўналишда ўн мингдан ортиқ номда дарслик ва ўқув-услубий қўлланмалар яратилди. Ҳуқуқий тарғибот ишларини кўргазмали қуроллар ёрдамида олиб бориш мақсадида 15 мингдан ортиқ турдаги плакат ва буклетлар қарийб 128 минг нусхада чоп этилди.

Айни пайтда Идоралараро кенгашнинг 2014 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланиб, ижросига киришилди. Унда аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлашда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгиланиб, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Вазирлик томонидан жорий йилда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Бу ҳар бир шахснинг қонунлар асосида кафолатланган ҳуқуқларидан амалда фойдалана олиши, энг муҳими, ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишда қўл келмоқда. Зотан, ҳуқуқини билган, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз нуқтаи назарига эга кишини ҳеч ким тўғри йўлдан адаштира олмайди. Ёш авлодни ана шундай руҳда тарбиялаш мақсадида оила, маҳалла ва таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик асосида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари кўлами янада кенгайтирилмоқда.