Bog'lanish

Telefon
(+998 65) 223-21-20

Elektron manzil
buxoro@adliya.uz

Xabarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

Юридик хизматлар фаолиятини такомиллаштириш


Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотларида норматив ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиришни амалга ошириш, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланган.

Адлия вазирлиги томонидан Бухоро вилоятида ташкил этилган анжуман давлат бошқаруви идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги соҳасида вужудга келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш масалаларига бағишланди.

Анжуманда таъкидланганидек, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида қонун ҳужжатларини қабул қилишга ваколатли давлат органлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига мамлакатимиз раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби янада кенг ёритиб берилди. Бинобарин, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ажралмас бўлаги сифатида ижтимоий муносабатларни тартибга солишда алоҳида аҳамият касб этади.

Қайд этиланидек, Бухоро вилоятида ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун ижодкорлиги соҳасида кейинги йилларда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлар лойиҳаларини адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш кўрсаткичи сезиларли даражада ошиб бормоқда.

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва қабул қилишга оид фаолияти юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижаларида ҳали бу борада бир қатор муаммо ва камчиликлар борлиги ҳам кузатилмоқда.

Жумладан, 2013 йилда Бухоро вилояти адлия бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг натижасида маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг 163 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан ижрога қаратилганлиги аниқланган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан қабул қилиниши фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказиш билан бир қаторда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида қарама-қаршилик ва турли зиддиятларни келтириб чиқаришга сабаб бўлади.

Ноқонуний қабул қилинган қарорларни бекор қилиш ёки ижросини тўхтатиш тўғрисида вилоят адлия бошқармаси томонидан 28 та тақдимномалар киритилган. Кўрилган таъсир чоралари натижасида 40 та норматив ҳуқуқий ҳужжатлар бекор қилинган.

Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашрларда эълон қилишда ҳам қонунбузилиш ҳоллатлари учрамоқда.

Бу эса аҳолининг қабул қилинаётган қарорларнинг мазмунидан бехабар қолишига олиб келиши билан бир қаторда мазкур қарорларнинг кучга кириши билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқаради.

Анжуманда норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш сифатини оширишда малакали ҳуқуқшунослар тажрибасидан фойдаланиш, бунда юридик хизматлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг малака ва маҳоратини оширишга қаратилган ўқувларни ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан изчил ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор таклифлар билдирилди.