Янгиликлар
Lex.UZ: янги имкониятлар
Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлардан эркин фойдаланишни ташкил этиш фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири саналади.
Шу мақсадда, Бухоро вилояти адлия бошқармасида «LexUZ сайтининг янги имконятлари» мавзусида ўқув-семинари ташкил этилди.
Тадбир халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳуқуқшунослари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг, Ўзбекистон Фермерлари кенгашининг ҳудудий тузилмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, тадбиркорлар субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан очиқ фойдаланиш имконятини таъминлаш Адлия вазирлиги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.
Таъкидланганидек, LexUz тизимида ўзбек ва рус тилларида 1990 йилдан ҳозирги кунга қадар қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, кодекслари, фармонлар, қарорлар, фармойишлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлари, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳамда техник тусдаги бошқа ҳужжатлар мавжуд.
Ҳозирги кунда LexUz тизимида қарийб 30 мингга яқин ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, ҳар куни унга 6000 мингдан зиёд фойдаланувчи ташриф буюрмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳолига етказиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида, 2010 йил 1 январдан бошлаб барчанинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси “LexUz” дан бепул фойдаланиши жорий этилди.
Тадбир давомида “LexUZ” тизимининг янги дизайни ва имкониятлари, хусусан излаш тизимининг тубдан қайта ишланганлиги, унга янги кўринишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳужжатлари, халқаро шартномалар, техник тусдаги ҳужжатларни излаш шакллари жорий этилганлиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар “LexUZ” тизими орқали аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат органлари учун зарур бўлган ҳуқуқий ахборотларни тарқатишнинг самарали ва кенг қамровли механизми яратилганлигини таъкидладилар.