Янгиликлар
Ёшлар билан мулоқот
Тадбир аввалида ёшларга мамлакатимизда интеллектуал салоҳиятли, маънавий баркамол, жисмонан соғлом авлодни тарбиялаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги, мустақилликнинг илк йиллариданоқ ёшларни қўллаб-қуватлаш борасида қатор қонунлар, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги хусусида атрофлича маълумот берилди.
Жонли мулоқот асосида ташкил этилган тадбирда адлия органи ходимлари томонидан ижтимоий-сиёсий ҳаётни, давлат тузилишини, шу жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасини эркинлаштириш, тадбиркорлик, шартномавий ҳуқуқий муносабатлар, нотариат соҳасини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинаётганлиги таъкидланиб ўтилди.
Тадбирда, бугунги кунда вилоят адлия бошқармаси тузилмасида 12 та бўлим мавжуд бўлиб, бошқарма қуйи тизими 27 та давлат нотариал идораси ҳамда 15 та ФҲДЁ бўлимларидан иборатлиги бўйича маълумот берилиб, бўлимларнинг фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида интерактив усуллардан кенг фойдаланилди.
Ёш ҳуқуқшуносларнинг адлия органларининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш борасидаги фаолияти билан таништирилиши, кадрларни тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш билан боғлиқ ишларга чуқур эътибор билан ёндашишга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва замонавий демократик жамият қуриш йўлидаги кенг кўламли вазифалар муваффақиятли ҳал этилишига, жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий маданияти юксалишига ҳизмат қилади, деб таъкидлашди йиғилиш иштирокчилари.
Шу билан бир қаторда, тадбирда бевосита иқтисодий, идоравий, жиноий, маъмурий, ижтимоий қонун ижодкорлиги йўналишида, ҳамда ҳуқуқий тарғибот, қонунларни тарғиб этишда “Lex.uz” миллий базасининг бугунги кундаги аҳамияти тобора ортиб бораётганлиги тўғрисида ёшларга маълумотлар бериб ўтилди.
Очиқ мулоқот усулида ўтган тадбирда соғлом фикрлайдиган ва мафкуравий иммунитети мустаҳкам бўлган ёшларга ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар берилиб, талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига бошқарма ходимлари томонидан атрофлича жавоб олишди.