Янгиликлар
Оилавий ҳаёт синовлари
Бухоро вилоят адлия бошқармаси ходимлари иштирокида “Оилада осойишталикни, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда мамлакатимизда оилага юксак эътибор - ушбу институтнинг жамиятимизда юксак даражада қадрланиши, ижтимоий ҳаётни ислоҳ қилиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар, аввало, ёшларда оила институтига нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш, мақбул ҳаётий фалсафа асосида маънавий жиҳатдан соғлом оилани қарор топтиришдан иборатлиги такидланди.
Шунингдек, мустаҳкам ва бахтли оила қуришга йигит-қизларни илк ёшликдан тайёрлаш, оила муҳитида ҳамда барча таълим бўғинларида бу ишларни босқичма-босқич изчил давом эттириш мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган сиёсатнинг нақадар истиқболга қаратилганлигини кўрсатиши, мақсад пок ниятли, жисмонан бақувват, фикран соғлом, интеллектуал салоҳияти юксак, ҳар томонлама етук, миллатпарвар, оилапарвар, ватанпарвар ёшларни вояга етказиш эканлиги, бу борада оиланинг барча имкониятларидан тўла ва ўринли фойдаланишни билишимизни тақозо этиши ҳақида сўз юритилди.
Мамлакатимиз Конституциясининг XIV боби «Оила» деб аталиб, унда оила қонунчилигининг асосий тамойиллари белгилаб берилганлиги, ушбу асосий қонунимизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги алоҳида таъкидланиб, унинг 63-моддасида «Оила жамиятининг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади», деб белгилаб қўйилганлиги оиланинг нуфузи қанчалик юксак эканлигини кўрсатади.
Тадбир якунида ёшлар томонидан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олинди.